Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг ВВС мухбирига берган интервьюсида айтишича, АҚШнинг Сурияда тутаётган позицияси шуни ифодалайдики, Вашингтондагилар "Фронт ан-Нусра" жангарилар ташкилотини бутунлай йўқ қилишга қаршидир.

Лавровнинг сўзларига кўра, унда "Вашингтон ҳар эҳтимолга қарши бу гуруҳни сақлаб қолишга уринаётгандек" тасаввур пайдо бўлган. Вазирнинг тасдиқлашича, АҚШ раҳбарлигидаги коалиция шу вақтга қадар бир марта ҳам "Фронт ан-Нусра" позицияларига зарба бермаган.

Ҳалабда Россия ва Сурия ҳамкорлигида олиб борилган бомбалаш ҳаракатлари ва бунинг оқибатида камида 400 киши қурбон бўлгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Лавров Москва тинч аҳоли вакиллари ўртасида қурбонлар бўлмаслигига имкон қадар ҳаракат қилаётганини таъкидлаган.

Россиялик вазирнинг қўшимча қилишича, кўп ҳолатларда "Фронт ан-Нусра" жангарилари позициялари ёнида оддий аҳоли вакиллари ҳам истиқомат қилиши қурбонлар бўлишидан сақланишга имкон бермайди.