Лондон аҳолиси "Метрода суҳбатлашамизми?" акциясига салбий муносабат билдирди. Акция ташкилотчилари Британия ерости транспорти йўловчиларига ўз хоҳишларига кўра махсус тўғноғич тақишни таклиф қилишди, бу уларнинг тасодифий ҳамроҳ билан мулоқот қилишга тайёр эканлигини билдиради. Бу ҳақида Evening Standard газетаси хабар берди

Манбага кўра, номаълум фаоллар Лондон еростида метрода суҳбатлашишга тайёр эканлигини билдирувчи тўғноғичларни тарқатишган. #Tube_Chat номи остидаги акция метро йўловчилари орасида муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган. 

Тўғноғич бириктирилган флаер матнида ёзилишича, уни таққан йўловчилар нотаниш ҳамроҳлари билан суҳбат қуришга розилиги билдирган бўлишади. Акция муаллифларининг фикрича, бу ерости транспорти йўловчилари учун фойдадан холи бўлмайди. 

Лондон аҳолиси бу акцияга танқидий муносабат билдирди, улар ижтимоий тармоқларда фаоллар "безовта қилинмасин" тўғноғичини тарқатганда яхшироқ бўлишини ёзишган. 

Ерости транспорти раҳбарияти тўғноғичларнинг дизайни Лондон метроси гайдлайнларига тўғри келса-да, мазкур акцияга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади.