Илон Маск 27 сентябрь куни Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида бўлиб ўтган 67-Халқаро астронавтика конгрессида Марсни мустамлака қилиш ва эгаллаш хусусидаги SpaceX дастурини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, қизил сайёрага уюштириладиган саёҳат нархи 200 минг доллар атрофида бўлади. 

Бироқ, Маск “ўзи ҳам Марсга учиши мумкинми?”, деган саволга бу яхши фикр эмаслигини айтган:

«Менимча, учмасам керак. Чунки, у ёқда ўлиб кетиш эҳтимоли жуда катта». SpaceX раҳбарининг таъкидлашича, аслида ўлимдан қўрқинчлироқ нарса шуки, сармоядорлар Марсга парвозни тарғиб қилиш ўрнига компания даромадини кўпайтириш устида бош қотиришларидир. Бундан ташқари, Маск фарзандлари қандай ўсаётганини кўришни хоҳлашини билдирган. 

Унинг тан олишича, қизил сайёрага биринчи сафар хавфли бўлиши, мустамлакачиларнинг ҳалок бўлиши эҳтимоли жуда юқори. Маскка кўра, Марсга бормоқчи бўлган одам, дастлаб: «Ўлишга тайёрманми?» деган саволга ойдинлик киритиб олиши керак. 

Илк борганлар юқори радиация, қуёшдаги портлашлар, тортиш кучинининг пастлиги, аччиқ совуқ ва заҳарли тупроқнинг салбий таъсирига дуч келади. Аммо, шунга қарамай, Марсга саёҳат ажойиб саргузашт бўлиши аниқ, дейди Илон Маск.