Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 29 сентябрь куни Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан “Ўқитувчи – илм ва маърифат, таълим ва тарбия фидойиси”  мавзусида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси М.Шарапова, мутасадди бошқарма ва бўлим бошлиқлари, турли давлат мукофотлари билан тақдирланган устоз ва мураббийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Бугун республикамиздаги 9692 та умумтаълим мактабида жами 385 634 нафар педагог кадрлар фаолият кўрсатади. Тизимдаги 4916 та мактабгача таълим муассасасида 55 463 нафар, 301 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида 11 464 нафар, 225 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларида 8212 нафар устоз ва мураббийлар фаолият кўрсатмоқда.

Мактабларга ёш кадрларни жалб қилиш, ёш истеъдод соҳибларини таълим-тарбия жараёнига тортиш масаласига ҳам эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, мактабларга ёш кадрларни жалб қилиш, навқирон истеъдод соҳибларини таълим-тарбия жараёнига тортиш мақсадида сўнгги уч йилда 25 минг нафар ёш мутахассислар мактабларда ўз фаолиятини бошлади.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.