Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоаси сентябрь ойи якунларига кўра, Европадаги чемпионатлар вакиллари орасида энг самарали клуб сифатида қайд этилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар қилган.

"Зенит" жамоаси футболчилари бу ойдаги 6та учрашувда жами 25 гол урган. Питерликлар клуби бу борада Дортмунднинг "Боруссия" (6 учрашувда 22 гол), "Барселона" (6 учрашувда 21 гол), "Ливерпуль" (4 учрашувда 14 гол), "Манчестер Сити" (6 учрашувда 18 гол) ва "Фейеноорд" (4 учрашувда 10 гол) каби жамоалардан яхшироқ натижа қайд этиб, биринчи бўлган.

Сентябрь ойида "Зенит" Россия чемпионати доирасида "Арсенал" (5:0), "Рубин" (4:1) ва "Анжи" (2:2) жамоаларига қарши ўйнади. Мамлакат кубоги доирасида жамоа "Тамбов"ни (5:0) мағлуб этди. Европа Лигаси доирасидаги дастлабки 2 учрашув ҳам россияликлар учун муваффақиятли кечди: Исроилнинг "Маккаби" (4:3) ва Нидерландиянинг АЗ (5:0) жамоалари йирик ҳисобларда таслим қилинди.

Бу рейтинг Испания, Англия, Германия, Италия, Россия, Португалия ва Франция чемпионатлари бўйича тузилган.

Мавсумлар оралиғида "Зенит"га руминиялик мутахассис Мирча Луческу бош мураббий сифатида тайинланди. У жамоа билан илк совринини қўлга киритиб бўлган - август ойида Россия Суперкубоги учун баҳсда ЦСКА 1:0 ҳисобида мағлуб этилган.

Европа Лигасининг гуруҳ босқичида "Зенит" 2 турдан кейин 6 очко билан етакчилик қилмоқда. Жамоа ўрин олган D гуруҳида "Дандолк" (4), АЗ (1) ва "Маккаби" (0) жамоалари бор.

"Зенит" 3-турда "Дандолк" майдонига сафар қилади, АЗ эса "Маккаби"ни қабул қилади. Бу учрашувлар 20 октябрга белгиланган.

Россия чемпионатида эса клуб 8 турдан кейин 16 очко билан учинчи ўринда жойлашиб турибди. "Зенит" 8 турда 18 гол урган ва бу ички чемпионатдаги энг яхши натижа ҳисобланади.

Манба: Tribuna.uz