Украиналик боксчи Владимир Кличконинг менежери Бернд Бенте британиялик боксчи Тайсон Фьюрини тарихдаги энг номуносиб чемпион деб атади, деб хабар бермоқда ESPN телеканали.

30 сентябрда ҳозирда WBA ва WBO версиялари бўйича ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган Фьюри ижобий допинг-синов топширган – спортчининг таҳлилларида бензоилэкгонин аниқланган. Бу модда кокаин метаболити бўлиб, тақиқланган моддалар рўйхатига киради.

"Фикримча, Фьюри ўта оғир вазндаги энг номуносиб жаҳон чемпиони бўлса керак, нафақат бу воқеалар сабабли, балки антисемит, жинс билан боғлиқ изоҳлари сабабли ҳам. Умид қиламанки, бокс ташкилотлари ўз қарорларини иложи борича тезроқ қабул қиладилар, чунки Владимир йил охиригача жанг ўтказмоқчи. Унда Фьюри сабабли фаолиятида узоқ вақтдан бери ҳеч нарса рўй бермади ва у йил охиригача албатта рингга кўтарилмоқчи", деб айтди Бенте.

24 сентябрда Фьюрининг Кличко билан ўтказадиган реванш жанги яна бошқа муддатга кўчирилиши маълум бўлди. 29 октябрда ўтиши керак бўлган жангнинг бекор қилинишига британияликнинг рингга тиббий қарши кўрсатмалар туфайли чиқа олмаслиги сабаб бўлган.