АҚШ президенти Барак Обама Тел-Авивда самолёт бортида Билл Клинтонни бир неча дақиқа кутиб туришига тўғри келди. Ушбу ҳолат видеоси ABC News телеканали томонидан твиттерда чоп этилди.

Видеода Обама Биллни бир неча бор чақираётгани, унинг эътиборини тортиш учун чаппак чалиб чорлаётгани, бироқ собиқ президент унга эътибор бермаётгани тасвирланган. 

"Билл! Кетдик! Билли! Юр, уйингга ташлаб қўяман", деб чақирган Обама Клинтонни.

Daily Mail нашри маълумотларига кўра, Обама Клинтонни қистаган чоғда у президент самолёти трапи ёнида кимдир билан бамайлихотир гаплашаётган бўлган.

Клинтон ва Обама Тел-Авивда Исроилнинг собиқ президенти Шимон Перес дафн маросимида иштирок этдилар.