"Канонирлар" барча мухлисларга клуб кимнинг эвазига ўз тарихидаги энг аҳамиятли ютуқларга эришганини эслатиб қўйишга қарор қилди.

Бу инсон – клуб мураббийи Арсен Венгердир.

Венгер "Арсенал"га 1996 йилдан мураббийлик қила бошлаган ва клубда ўтказилган йиллар бўйича рекордчи бўлди ҳамда канонирлар тарихида энг муваффақиятли бош мураббийга айланди.

Франциялик мутахассис клубни уч маротаба Англия Премьер-лигасида чемпионликка олиб келган, 6 марта Англия кубоги ва яна шунча марта Англия суперкубогини ютган. 

Бундан ташқари, Венгер жаҳон футболига Тьерри Анри бошчилигидаги кўплаб юлдузларни туҳфа қилган.

20 йиллик бундай муваффақиятли фаолиятдан кейин "Арсенал" ўзининг бош мураббийига ҳурмат бажо келтиришни ва мухлислар клубнинг бундай ютуқлари учун кимга миннатдор бўлишлари кераклигини эслатиб қўйишга қарор қилди.

"Арсенал" вакиллари Венгер ҳақида ажойиб видеоролик ишлаб, уни YouTube’да канонирлар каналида жойлаштиришди.

Видеода клубнинг охирги 20 йил ичида энг эсда қолувчи воқеалари ва ёрқин ғалабалари, жумладан клуб бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ҳолда АПЛда чемпион бўлган 2003-2004 йиллардаги мавсумдан олинган лавҳалар келтирилган.

Бу натижа ҳали ҳам ноёб натижа ҳисобланади, чунки канонирлардан бошқа ҳеч қайси клуб бундай натижага эриша олмаган.

Венгер Англия футболида чин маънода инқилоб қила олди. Унинг жамоаси ўйин услуби узоқ йиллардан бери ҳеч кимни бефарқ қолдирмай келмоқда, французнинг машғулотлар ва футболчиларни тайёрлашга ёндашуви эса деярли мураббийлик ишидаги эталон ҳисобланади.

 

манба:tribuna.uz