Буюк Британияда LBC радиоси эфирида радиотингловчилардан бири Россияга қарши ташвиқотлардан чарчагани ҳақида гапирди. Бу ҳақда Sunday Express хабар тарқатган.

Ўзини Ивонн дея таништирган аёл эфирда 2014 йили Украина осмонида MH17 самолёти уриб туширилгани воқеаси муҳокама қилинаётган вақтда қўнғироқ қилган ва "барча томонлардан ҳаддан ташқари кўп иғво эшитгани, буни энди тўхтатса ҳам бўлиши"ни айтиб ўтган.

Унга қарши фикр билдирган бошловчи фуқаролик самолётини Британия уриб туширмаганини айтган. Радиотингловчи эса, "Путин яхши йигит эмаслигини, лекин британияликлар ҳам ундан қолишмаслигини, британиялик сиёсатчилар ҳам дунё бўйлаб зиддиятлар юзага келтиришга уста эканини" қистириб ўтган.

"Биз бутун дунёдаги давлатларнинг ишларига аралашиб, интервенция қиламиз. Путин бундай эмас. Бизда жуда кўп пропаганда. Биз урушга йўл олган ойпарастлар кабимиз", дея Ивонн хонимнинг сўзларини келтирган нашр.

2014 йилнинг июлида Донбасс осмонида ҳалокатга учраган Малайзия Boeing’и билан боғлиқ фожиа бўйича текширув гуруҳи ҳисоботида самолёт Россиядан олиб келтирилган «Бук» зенит-ракета комплекси ёрдамида уриб туширилгани, лекин, шу билан бирга, Россиянинг бунга алоқадорлиги ҳақида гапириш эрталиги таъкидлаб ўтилган эди.

Расмий Киев бу ҳисоботга муносабат билдирар экан, «Бук»нинг ўрнатилган йўналиши ҳалокатга Россия алоқадорлигини кўрсатишини таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида, Россия ТИВ Нидерландия прокуратурасининг хулосалари нохолис экани ҳамда сиёсий тагзаминга эгалигини айтди.