Чеченистон прокурори Шарпудди Абдулқодиров республика раҳбари Рамзон Қодиров ўзининг гиёҳвандларга нисбатан кескин чоралар кўриш ҳақидаги нутқида террорчиларга қўшилаётган ва жамоатчилик хавфсизлигига хавф солаётганларни назарда тутганини айтди. 

Аввалроқ Қодиров ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакиллари, амалдорлар ва имомлар билан ўтган йиғилишида маст ҳолатда ёки гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган "осойишталикни бузувчилар"ни отиб ташлаш кераклигини айтган.

Прокурорнинг айтишича, Қодировнинг сўзлари маъноси бузилиб кўрсатилган, "бу усул эса турлича шарҳларга асос беради". У, шунингдек, "гиёҳвандлар ва токсикоманлар террорчилик фаолиятига жалб қилиш учун қулай муҳит" ҳисобланишини қўшимча қилди.   

"Бу ерда улар томонидан содир этиладиган жиноятлар жамоатчилик маънавиятига қарши қаратилган тоифадан жамоатчилик хавфсизлиги ва жамоатчилик тартибига қарши йўналтирилган, яъни террорчилик жиноятларига айланади", деб айтди Чеченистон прокурори. 

Абдулқодиров Чеченистонда жиноятчиликка қарши кураш федерал қонунчиликка қатъиян риоя қилинган ҳолда амалга оширилишини айтди.