Филиппин президенти Гитлер ҳақидаги гаплари учун узр сўради

Жаҳон 02 Октябрь 2016 11959

Филиппин президенти Родриго Дутерте якшанба куни яҳудийлар жамиятидан Гитлернинг холокости ҳақида айтиб ўтган гаплари учун омма олдида узр сўради. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар берган.

Бундан олдинроқ, яна бир марта шов-шувли чиқиш қилгани, бу сафар ўзини миллионлаб яҳудийларни қириб ташлаган Адольф Гитлерга қиёслаганди. У "Гитлер яҳудийларни ўлдириб, қандай завқланган бўлса, филиппинлик гиёҳвандларни ўлдиришдан шунча завқланиши" ҳақида айтганди.

"Мен ўлиб кетган 6 миллион яҳудийни ҳақоратлаш ниятида эмасдим. Мен яҳудийлар жамоатчилигидан чин дилдан узр сўрайман. Муаммо шундаки, менга Гитлерни кўргандек муомала қила бошлашганди", — дея Дутертенинг сўзларини келтирган агентлик.

Филиппин президенти раҳбарининг фикрича, у бу қиёслаш орқали мухолифати уни қандай кўраётганини намойиш қилмоқчи бўлганди.

"Мени худди миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган Гитлер каби қаршилай бошлашганди", деган у.

Қайд этиш керакки, бу филиппинликлар раҳбарининг илк марта кескин чиқиш қилиши эмас. У Хитойдаги "Катта йигирматалик" саммити арафасида АҚШ раҳбарини Филиппин ички ишларига аралашгани учун "фоҳишанинг боласи" дея ҳақорат қилганди.

Кейин эса Европа Иттифоқига ундан кам бўлмаган ҳақоратли сўзлар йўллади.

Шунингдек, БМТ бош котиби унинг "ширин сўзлари"дан бебаҳра қолмади.

Май ойида президентликка сайланган сиёсатчи илк кунларданоқ наркотиклар савдосига ва наркотикларга қарши кенг кўламли рейдлар ўтказилишини эълон қилди. Шу вақтгача, Филиппин полицияси гиёҳвандлик савдосига алоқадорликда гумон қилинган 2,4 мингдан ортиқ кишини ўлдирди. Полициячилар гумондорларни кўчаларда сўроқсиз отиб ташлаётгани қайд этилган. Жаҳон ҳамжамияти бу жиноятчиликка қарши курашнинг бу услубига бир неча марта танқидий фикр билдириб ўтган.

Кўпроқ янгиликлар