Англия чемпионатининг 7-тури доирасида «Тоттенҳэм Ҳотспур» турнир жадвали пешқадами бўлиб турган «Манчестер Сити»ни қабул қилди. 

Ўйиннинг 9-дақиқасида Александар Коларов ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди, 37-дақиқада эса Деле Алли ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. 65-дақиқада «шпорлар» футболчиси Эрик Ламела пенальтини аниқ амалга ошира олмади ва ўйинда ҳисоб ўзгармай қолди. 

Шу тариқа, «шаҳарликлар» Ҳосеп Гвардиола бошчилигидаги расмий ўйинлардаги илк мағлубиятини қабул қилди ва АПЛнинг жорий мавсумида илк марта очко йўқотди.

Турнинг яна бир учрашувида амалдаги чемпионлар ҳисобланмиш «Лестер Сити»  «Саутҳемптон»ни қабул қилди. Учрашувда 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этилди.

Айни вақтда турнир жадвалида «Манчестер Сити» 18 очко билан пешқадам, иккинчи ўринда 16 очко билан «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» ҳисобидаги очколар сони эса 14тага етиб, жамоа учинчи ўринга кўтарилган. «Арсенал» бу турда «Бёрнли»га қарши сафар ўйинини ўтказади ва ўринлар яна алмашиши мумкин.

Англия - Премьер-лига. 7-тур
Тоттенҳэм Ҳотспур (Лондон) – Манчестер Сити (Манчестер) – 2:0
Голлар: Коларов, 9 (1:0, автогол); Алли, 37 (2:0).

Тоттенҳэм – Льорис, Алдервейрелд, Роуз, Уокер, Вертонген, Сиссоко (Дайер, 72), Ваньяма, Алли (Нкуду, 86), Эриксен, Ламела, Сон Хин Мин (Янссен, 90).
Манчестер Сити – Браво, Стоунз, Коларов, Сабалета, Отаменди, Сильва, Фернандо (Гундўған, 53), Навас (Ихеаначо, 65), Фернандиньо, Стерлинг (Сане, 87), Агуэро.

Амалга оширилмаган пенальти: Ламела, 65 – йўқ.
Огоҳлантиришлар: Ваньяма, 30; Роуз, 42 – Отаменди, 20; Стерлинг, 56.

Лестер Сити (Лестер) – Саутҳемптон (Саутгемптон) – 0:0
Огоҳлантириш: Марез, 54 – йўқ.