АҚШ мудофаа вазирлиги Ироқдаги урушни ёритиш учун Bell Pottinger британ пиар-агентлигига 2007 йилдан 2011 йилгача 540 млн доллар тўлаган. Агентлик "Ал-Қоида" террорчилик ташкилоти ҳақида сохта видеороликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Бу роликлар ёрдамида Оқ уй террорчилар билан қизиқувчи одамларни аниқлаган, деб хабар бермоқда Тергов журналистикаси бюросига иқтибос келтирган ҳолда The Daily Beast нашри.

Bell Pottinger усуллари орасида "Ал-Қоида"ни салбий жиҳатдан кўрсатувчи сохта янгиликлар ва у ҳақдаги роликлар бўлган. Роликлар дискларга ёзилиб, дисклар америкалик ҳарбийлар томонидан операциялардан кейин ташлаб кетилган. Улар орқали бу видеони кўрган одамлар аниқланган.  

"CD-дисклар Real Player медиадастури орқали ўқилган, у ишлаган вақтда интернетга уланган. Агентлик жамоаси ёзувлар орасига Google Analytics билан бирга ишловчи кодни киритган. Код Google Analytics’га диск ўқилаётган IP-адресларни тақдим қилган", деб ёзмоқда нашр. 

Таъкидланишича, Тергов журналистикаси бюроси Bell Pottinger‘нинг Ироқдаги ишини АҚШ мудофаа вазирлиги шартномалари, АҚШ мудофаа вазирлиги бош инспектори хизмати ҳисоботлари, харид операциялари ёзувлари, пиар-компания коорпоратив ҳужжатлари, ҳарбий мутахассислар мақолалари ва Ироқда ахборот операциялари доирасида ишлаганлар билан интервьюлар орқали аниқлаган.

"Бюро Пентагон ва Bell Pottinger ўртасида ахборот ва психологик операциялар учун 540 млн долларлик транзакцияларни аниқлаган", деб айтилди мақолада.

Пентагонда бу маълумот тасдиқланди ҳамда ҳамкорлик ахборот ва психологик операциялар доирасида олиб борилгани, унда ишлатилган барча маълумотлар "рост" эканлиги таъкидлаб ўтилди.