Суҳроб Қодиров таниши Санобар Жаъфаровани (исм-фамилиялар ўзгартирилган) учратиб қолди. Унга жияни ўқишга кира олмагани, контракт асосида кирса ҳам ўқишини айтди. Шунда Санобар унга бу масалада ёрдам бера олишлигини билдирди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Санобар икки кундан кейин Суҳробни кафеда учрашишга чақирди. Борса, у Манзура Мустафоева билан ўтирган экан. Суҳробнинг ёнида у Ғуломжон Одиловга телефон қилиб, ёрдам сўради. Сўнгра у Суҳробга ўқишга киритиб бериш ҳақи етти минг доллар бўлишини айтди. Суҳроб бунча пул бера олмаслигини, ҳозир тўрт минг, иш битса, яна икки минг доллар беришини маълум қилди.

Манзура рози бўлди. Пулни олиб хайрлашди ва келтириб Ғуломжон Одиловга берди. Бу шахс эса “Вазирликдаги акам билан гаплашиб, албатта ҳал қиламан”, деди. Буларнинг бари фирибгарлик эди.

Суҳроб натижасини суриштиравергач, ноилож қолган Ғуломжон яна 2 минг АҚШ долларини олиб келишини айтди. Бироқ бу сафар С.Қодиров ҳушёр тортди. Уларнинг қинғирликлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

Санобар, Манзура ва Суҳроб фирибгарликни ўзига касб қилган Ғ.Одиловнинг ёнига бориб, ўша масалани муҳокама қилишаётганида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланди. 

Суд томонидан айбдорларга қонуний жазо тайинланди.