SpaceX компанияси ўзининг Falcon 9 ракетасининг портлаши сабабларини аниқлаш вақтида рақобатчиси – United Launch Alliance (ULA) компаниясини бунда "қўли борлигига" шубҳа қилмоқда, деб ёзмоқда The Washington Post нашри.

Нашр маълумотларига кўра, компания видеога ракетани учириш платформаси ёнида жойлашган рақобатчи компания биноси томида шубҳали ҳаракатларни қайд қилган. 

Нашрнинг ёзишича, SpaceX вакиллари видеода Falcon 9 ракетаси синовга тайёрланаётган учириш платформаси яқинидаги бинода шубҳали ҳаракатларни аниқлашган.

Бу бино SpaceX рақобатчиси ULA’га тегишли бўлиб, учириш платформасидан 1,5 км узоқликда жойлашган ва платформа унинг биноси томидан яхши кўриниб туради. Илон Маск компанияси рақобатчи биноси томида "аввал қора соя, сўнгра оқ доғ" кўринган кадрларга эга.

SpaceX ходими тергов доирасида ULA томига тушмоқчи бўлган.

Нашр маълумотларига кўра, рақобатчи компанияда унга томга чиқишга рухсат берилмаган ва АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари махсус терговлари бошқармасига мурожаат қилинган. Терговчилар томни кўздан кечириб, ракета портлаши билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган ҳеч нарса аниқлашмаган.