Шифокорлар Новосибирскда 23-қаватдан йиқилиб, омон қолган ўсмирнинг аҳволи ижобий томонга ўзгараётганини кузатишмоқда. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Новосибирск вилояти бўлими ходими РИА "Новости"га хабар берди.

24 сентябрь куни 16 ёшли ўсмир ёқтирган қизида таассурот қолдириш мақсадида Киров туманидаги уйнинг 23-қаватидаги балкон тўсиғидан ошиб ўтган, лекин мувозанатни йўқотиб, пастга тушиб кетган. Ўсмир Renault Logan русумидаги такси автомобили томига тушганлиги боис омон қолган. Ҳозирда у маҳаллий шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанмоқда. 

"Бемор ҳануз жарроҳлик бўлимида. Унинг аҳволида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, бир ҳафта ичида беморнинг умумий бўлимга ўтказилиши масаласи кўриб чиқилади", - деди агентликнинг суҳбатдоши. 

Манбага кўра, мазкур ҳодиса юзасидан йўлга қўйилган тергов ишлари давом этмоқда. 

Новосибирск вилоятининг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Любовь Зябрева ўсмирнинг соғлиғи яхшиланиши биланоқ руҳшунослар у билан ишга киришишларини айтган. Ўсмир ҳушини йўқотмаган, аммо ҳозирча ОАВ ходимлари билан учрашишдан бош тортмоқда.