АҚШнинг Сиэтл шаҳридаги Капитолий тепалигида жойлашган «Тошкент» боғининг реставрациядан сўнг қайтадан очилиш маросими бўлиб ўтди. «Жаҳон» АА хабарига кўра, бу боғ Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан «Сиэтл–Тошкент» биродар шаҳарлар уюшмаси кўмагида ташкил этилган.

Очилиш тадбирида Сиэтл маъмурияти ҳамда биродар шаҳарлар уюшмаси раҳбарияти, Вашингтон штати университети ва шаҳар аҳолиси вакиллари қатнашган. Тадбир Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига сукут дақиқаси билан бошланган.

Ўз чиқишида «Сиэтл–Тошкент» биродар шаҳарлар уюшмаси раиси С. Пэкстон тадбир мезбонлари ва иштирокчилари номидан Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига ҳамдардлик билдирган. Пэкстон хоним биринчи президентнинг мамлакат суверенитетини мустаҳкамлашда ва сиёсий-иқтисодий йўналишини шакллантиришда, шунингдек, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда тутган муҳим ўрнини таъкидлаб ўтган.

Уюшма раҳбари боғнинг тарихий аҳамияти ҳақида гапира туриб, унинг ташқи кўринишини яхшилаш бўйича кўрилаётган чораларга тўхталиб ўтган. Хусусан, у реставрация натижасида боғнинг йўл инфраструктураси янгилангани ва ободонлаштириш ишлари якунланганини таъкидлаган.

Пэкстон хоним уюшманинг ўзбекистонлик шериклар билан мулоқотни мустаҳкамлаб бориш, шунингдек, Ўзбекистон билан конструктив руҳдаги ҳамкорликни давом эттириш ниятини изҳор этган ва «Сиэтл–Тошкент» йўналишида Ўзбекистон билан йўлга қўйилган ҳамкорликни юқори баҳолаган.

Ўз навбатида, Сиэтл шаҳри мэри ўринбосари Х. Ким икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтган.

«Шаҳримиздаги «Тошкент» боғи нафақат шериклик муносабатларининг тарихий босқичи рамзи, балки икки давлат ва халқ муносабатларининг самарадор ҳамкорлиги натижаси ҳамдир», — дея таъкидлаган Ким хоним.

Очилиш маросимида Сиэтлнинг собиқ мэри У. Ульман ҳамда Вашингтон штати университети профессори И. Сиртаутас ҳам чиқиш қилган.

Маросим иштирокчиларига Ўзбекистонда турли соҳаларда рўй бераётган кенг кўламли ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилган.

Боғни реставрация қилиш бўйича лойиҳанинг бош мақсади серсоя дарахтлар ёрдамида боғ манзарасини яхшилаш эди. Унда  Life, Love, Time and Game ёдгорлиги атрофига қўшимча майдон қурилган ва ўриндиқлар ўрнатилган.

Боғ 1980 йиллар охирида барпо этилган ва Сиэтлга қардош бўлган Тошкент шаҳри шарафига номланган эди. Шаҳарларни қардош қилиш тўғрисидаги битим 1973 йилда имзоланган.