«Астон Вилла» Роберто Ди Маттеони жамоа бош мураббийлигидан истеъфога чиқарди. Бу ҳақда жамоа расмий сайтида маълум қилинди.

«Клуб бу қарорга қониқарсиз натижалар туфайли келди», — дея аниқлик киритилган хабарда.

Ўтган мавсум якунида «Астон Вилла» Премьер-лигадан тушиб кетган ва мураббий Реми Гард ишдан кетганди. Шундан сўнг жамоанинг янги хўжайинлари италиялик мутахассис билан 2 йиллик шартнома тузди.

Клуб Чемпионшипнинг ортда қолган 11 туридан кейин 10 очко билан турнир жадвалининг 19-ўринида кетмоқда. Жамоа 13 августдан буён ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқа олмаган.

Мавсумлар оралиғида «Астон Вилла» трансферлар учун 50 миллион фунтга яқин маблағ сарфлаган ва бу «Реал»нинг ёзги трансферлардаги харажатидан 2 баробар кўпроқ бўлганди.

Эндиликда жамоани Стив Кларк вақтинчалик бошқариб туради.

Бирмингемликлар жамоасида Ди Маттеонинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номлар орасида Стив Брюс, Мик Маккарти ва «Ҳаддерсфилд» бош мураббийи Дэвид Вагнер номлари тилга олинмоқда.

Манба: Tribuna.uz