Хитойда ўтаётган XVIII Халқаро Пекин фестивалида 24 давлатдан 200 дан зиёд санъаткор иштирок этаяпти. Марказий Осиёдан фақат Ўзбекистон санъаткорлари таклиф қилинган мазкур фестивал 1 октябрь куни бошланди. 

Ботир Қодиров ижодий жамоаси, “Сирдарё наволари” рақс дастаси ҳамда таниқли раққоса Паризодадан иборат ансамбл беш кун мобайнида хорижлик профессиональ санъаткорлар билан Халқаро Пекин фестивалида иштирок этмоқда. 

Очилиш маросими Пекин шаҳрининг Халқаро Олимпия майдони ҳудудида бўлиб ўтди. Унда Шаҳар расмийлари, меҳмонлар ва Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчиси ва элчихона ходимлари иштирок этишди. Ботир Қодиров бошчилигидаги ижодий гуруҳ мезбон давлат санъаткорларидан кейин биринчи бўлиб саҳнага чиқишди.

Фестивалнинг очилиш маросими мусиқий парадга уланиб кетди. Фестивал меҳмонлари қадимий ва жозибакор миллий санъатимиздан баҳраманд бўлди ва олқишлар билан санъаткорларимизни қўллаб-қувватлашди. Фестивал давом этмоқда.