Сеул суди БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг жияни Пан Чу Хённи фирибгарликда айблади ва 590 минг АҚШ доллари товон пули тўлашга ҳукм этди. Бу ҳақда 3 октябрь куни «Ёнхап» агентлиги хабар бермоқда.

Пан Чу Хён сохта ҳужжатлар тайёрлаш ва бажармаган ишлари учун пул олишда айбланган.

У 2014 йилда АҚШдаги компаниялардан бирининг вакили бўлган. Пан Чу Хён пул эвазига Keangnam Enterprises қурилиш фирмасига бино сотиб олиб беришда ҳужжатларни сохталаштирган. Бундан бино жойлашган Катар раҳбарияти ўз норозилигини билдирган. Бундан ташқари у қариндошлигидан фойдаланиб, мамлакат амири Ҳамад бин Халиф ал Танинига тўғридан тўғри учрашиш учун ваъда берган.

Якунда Бош котиб жияни ўз мажбуриятини амалга оширмаган. 2015 йилда Keangnam Enterprises қарзи юқорига чиқиб борган ва унинг бошқарувчиси ўз жонига қасд қилган.