«Суонси» раҳбарияти Франческо Гвидолинни бош мураббийлик лавозимидан истеъфога чиқариш бўйича қарор қабул қилди.

Италиялик мутахассис 61 ёшга чиққан кунида ишдан бўшатилган. У АПЛ тарихида ўз туғилган кунида ишдан бўшатилган илк мураббийга айланди.

У жамоага ўтган мавсумда, шу йилнинг январь ойида жамоа узоқ вақт давомида турнир жадвалининг қуйи қисмида қолгач, таклиф этилган, мавсум якунида эса уэльсликлар АПЛда жон сақлаб қолишга муваффақ бўлганди.

Гвидолин жамоа бош мураббийи сифатида ўтказган охирги ўйин 7-тур доирасида 2 октябрь куни «Ливерпуль»га қарши кечган ва 1:2 ҳисобида якунланган учрашув бўлиб қолди.

Жамоа 7 турдан кейин 1 ғалаба, 1 дуранг ва 5 мағлубият қайд этиб, турнир жадвалида 4 очко билан 17-ўринда жойлашиб турибди.

Мураббийнинг бўшатилишига яна бир сабаб сифатида унинг соғлигидаги муаммолар келтирилган. У март ойида шифохонага тушиб қолгач, жамоанинг бир неча ўйинларини ўтказиб юборганди.

Гвидолиннинг ўрнини АҚШ терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Боб Брэдли эгаллаган.