Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 23 сентябрдаги ПҚ–2610 сонли қарори билан алкоголли ичимликлар, қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган буюмларни чакана савдо билан шуғулланиш ҳуқуқидан олинувчи йиғимлар тартибига ўзгартиришлар киритилди. 

Аввалги белгиланган меъёрга кўра, мазкур йиғимлар ягона ҳисоб рақамига тушиб, сўнгра ундан қуйидаги усулда тақсимланар эди: 

Алкоголли маҳсулотлардан олинадиган йиғимлар – давлат бюджети ва тадбиркорлик субьектларига давлат хизматларини кўрсатиш "ягона ойна" марказига;

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлардан тушадиган йиғимлар – давлат бюджети ва шаҳар ва туманлар ҳокимиятларидаги бюджетдан ташқари ҳисоб рақамларига, Тошкент шаҳрида эса – бюджет ва шаҳар савдо, хизмат кўрсатиш ва халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш Департаментига тақсимланар эди.

Эндиликда, алкоголли маҳсулотларни чакана савдо ҳуқуқи, умумовқатланиш хизматини кўрсатувчи корхоналардаги алкоголли ичимликлар савдосидан олинадиган йиғимлар давлат бюджети ва тадбиркорлик субьектларига давлат хизматларини кўрсатиш "ягона ойна" марказига, Тошкент шаҳрида – бюджет ва шаҳар савдо, хизмат кўрсатиш ва халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш Департаментига тақсимланади. Бунда, унинг тартиби Молия вазирлиги томонидан белгиланади. 

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлардан тушадиган йиғимлар бевосита давлат бюджети ҳисобига ўтказилади, деб хабар қилмоқда Норма.уз сайти.