2017 йилнинг январида Польша шимоли-шарқидаги Ожиш шаҳри (Россия таркибидаги Калининград вилояти билан чегарадош) яқинидаги гарнизонга 800 нафар америкалик аскарни ўз ичига олган батальон жойлаштирилади. Бу ҳақда «Польское радио» хабар берган.

"Америкаликлар батальони Польша шарқидаги Ожиш гарнизонига жойлаштирилади", дейилган Ольштин воеводаси ҳарбий штаби полковниги Анжей Щолек берган маълумотда.

У АҚШ аскарлари Ожишдан 13 км масофадаги Бемово-Писке қишлоғида жойлаштирилишини қайд этган.

Хабар қилинишича, Польша мудофаа вазири Антони Мацеревич НАТО раҳбари Йенс Столтенбергга "Сувалки бўйни хавфсизлигини таъминлаш зарурати" ҳақида маълум қилганди.

Вазирнинг фикрича, Литва ҳамда Россиянинг Калининград вилояти билан чегарадош бўлган Сувалки бўйни таҳдид келиши мумкин бўлган муҳим нуқта ҳисобланади. Бу жой шунингдек, Болтиқбўйи мамлакатлари билан алоқаларда муҳим аҳамиятга эгадир.