Сурия президенти Башар Асад маълум қилдики, агар бу қон тўкилишини тўхтатадиган бўлса, жангарилар билан музокаралар бошлашга тайёр.

"Биламан, жангарилар билан келишишнинг имкони йўқ. Лекин, агар улар билан мулоқотимиз қон тўкилишини тўхтата олса, биз бу ишни бошлашга тайёрмиз", дея Асаднинг сўзларини келтирган Al Mayadeen телеканали.

У шунингдек, қуролли гуруҳлар билан курашда "халқнинг мададига таянишини" таъкидлаган.

Асад ўз интервьюсида "Суриянинг АҚШ билан қарама-қаршиликда ғолиб чиқиши, бу мамлакат дунё ҳаками эмаслигини исботлаб бериши" ҳақида айтиб ўтган.

Асад Суриядаги вазият дунё сиёсий харитасига таъсир кўрсатаётгани ҳақида таъкидлаган.

"Сурия терроризм билан курашда муҳим нуқта бўлиб, агар Дамашқ бу жангни ютқазса, Ғарбнинг бу минтақадаги гегемонлигига ҳеч ким қарши тура олмай қолади", деган президент.

Сурия раҳбари Иккинчи жаҳон уруши давридан буён АҚШ дунёда фақат бузғунчиликлар қилиш ва давлатларни барбод қилиш билан банд бўлгани ҳақида қўшимча қилган.

"Обама уруш қўзғамоқчи эмаслигини айтдими... Лекин у ўз бошқарув даврида нима ишлар қилди?... Барча урушлар оловини ёқдику", деган Асад.