Австралия ҳукумати ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларига ҳурматсизлик қилиш учун полиция юзига тупурганликка 14 йилга озодликдан маҳрум этишгача қатъий жазо чоралари киритмоқчи. The Daily Telegraph нашрининг Янги Жанубий Уэльс штати адлия вазири Трой Грантга иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, ҳукумат шу тариқа полициячиларга уюштириладиган бундай "жирканч" ҳужумларга чек қўймоқчи.

"Бундай туфлашлар полициячиларни оддий ҳаёт тарзидан чиқаради, чунки улар тупук орқали жиддий зарарланишни аниқлаши мумкин бўлган тиббий таҳлиллар натижаларини хавотир билан кутишларига тўғри келади", деб айтди Грант.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот муассасалари ишчилари уюшмаси президенти Скот Вебернинг айтишича, экспертиза давомида баъзи зобитлар тахминий зарарланиш яқин атрофдагиларга юқиши мумкинлигидан хавотирланиб, "ўзларини ўз рафиқалари ва фарзандларидан узоқроқ тутишга мажбур бўлганлар".

Расмий статистикага кўра, ўтган йилдан бошлаб Янги Жанубий Уэльс ҳудудида полициячиларга минглаб тупуриш орқали ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари қайд қилинган. Баъзи ҳибсга олинувчилар ҳаво-томчи йўли билан бериладиган хавфли вирус касалликлари ташувчилари бўлишлари мумкин.

Журналистлар томонидан сўралган кўпчилик полициячиларнинг айтишича, улар учун юзга тупуриш мушт егандан ёмонроқдир. Ҳукумат маълумотларига кўра, ҳар йили тахминан 50 полициячи қоидабузарлар томонидан тишлаб олинади, 20 га яқини санчувчи қурол сифатида тиббий шприц қўлланган ҳолда ҳужумга учрайди. 

Жорий йил бошида Беренс фамилияли 42 ёшли полициячига ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган гиёҳвандликдан азият чекувчи аёлдан касалланган-йўқлигини кўрсатиши керак бўлган тиббий таҳлиллар натижаларини уч ой давомида хавотир билан кутишига тўғри келган. Полициячи аёлга балкондан сакрашига йўл қўймаган, аёл эса қаршилик кўрсатиб, полициячига тупурган, уни тишлаган ва ҳаттоки тирнаган. Беренснинг айтишича, у 18 йиллик хизмати давомида бундай ҳужумларга саноқсиз марта учраган. "Агар бундай қонун мавжуд бўлганда, ҳаммаси анча яхши бўларди", деб таъкидлаб ўтди полициячи.