Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркиннинг баёнот беришича, Россиянинг Сурия ва Ироқдаги бош мақсади — террорчиларни у ердан «чиқариб юбориш»дир. ТАСС агентлигининг хабарига кўра, у бу ҳақда Россиянинг Хавфсизлик кенгашига раислик қилишни бошлаши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган. 

«Террорчиларни Сурия ва Ироқдан қувиб юбориш керак... Россиянинг асосий мақсади Сурия ва Ироқдаги террорчи газандаларни дунёнинг ушбу минтақасидан чиқариб юборишдир. Улар у ерда мавжуд бўлар экан, оддий фуқароларга тинчлик ва хотиржамлик бўлмайди», — дея қайд этган дипломат, Россиянинг Сурияда қўллаётган чораларисиз, қора байроқлилар (ИШИД байроғи) аллақачон Дамашқда бўлар эди, деган фикрни билдирган. 

Дипломат шунингдек, Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни ҳаддан ташқари бўрттириб юбормасликка чақирган. 

«Ишонаманки, янги совуқ уруши бўлмайди. Менинг фикримча, сизлар АҚШ билан глобал миқёсдаги турли қарашларимизни жуда бўрттириб юбораяпсизлар», — деб қайд этган РФнинг БМТдаги доимий вакили. У, Сурия инқирозига барҳам бериш бўйича Россия-Америка ҳамкорлиги тикланишига умид билдирган.