Россия ва АҚШ алоқаларининг асосий мақсади РФ ва АҚШ ҳарбийлари ўртасида, хусусан Сурияда тўқнашув келиб чиқмаслигини таъминлаш эди. Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети сиёсатшунослик ва ижтимоий фанлар кафедраси доценти, ҳарбий сиёсатшунос Александр Перенжиев РИА Новости агентлигига шундай фикрларни билдирган

Аввал хабар қилганимиздек, Америка Давлат департаменти расмий вакили Жон Кирби, АҚШ Сурияда тинчлик ўрнатиш бўйича РФ билан икки томонлама ҳамкорликка барҳам беришини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Сурия араб республикасида Россия ва АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг тўқнашувига йўл қўймаслик мақсадида ҳарбий алоқани сақлаб қолади. РФ ТИВ ўз навбатида, бу қарорни изоҳлар экан, афсусини билдирди. Россия ташқи ишлар вазирлигига кўра, Вашингтоннинг Москва билан Сурия муаммоси юзасидан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилгани, АҚШнинг ўз зиммасига олган мажбуриятини бажара олмаслигини англатади. 

"Менинг фикримча, Сергей Лавров ва Жон Керрининг музокаралари Россия ва АҚШнинг Суриядаги ҳарбий тўқнашувига йўл қўймасликка қаратилган эди. Бошқа масалаларда самарали ҳамкорлик бўлиши мумкин эмас, чунки Россия ва Американинг Суриядаги мақсади турличадир. Россия ягона ва дўстона Сурия араб республикаси тарафдори. Қўшма Штатлар нияти— САР президенти Башар Асадни ағдариб, мамлакатни ўзининг назоратидаги митти давлатларга парчалаб ташлашдир", — деган Перенжиев.

Сиёсатшуноснинг айтишича, яна бир хавотирли жиҳат АҚШдаги президентлик сайловидан кейинги ҳолатдир. 

"Ким раҳбар бўлиши номаълум. Янги раҳбариятнинг кўрсатмалари қандай бўлади? Ҳозирги Вашингтон маъмурияти "қанча ёмон бўлса — шунча яхши" қоидасига амал қилаётгани кўриниб турибди. Шу сабабли, Сурия бўйича ҳамкорликни йўққа чиқариш учун барча чораларни кўрмоқда. Агар Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонгудек бўлса, у жуда ҳам куч сарфлаши талаб этилмайди. Аммо, Дональд Трамп ҳокимият тепасига келиб, Россия билан муносабатларини яхшилашни хоҳласа, ҳозирги ҳолатдан керакли даражага чиқиши осон бўлмайди", — деб ҳисоблайди ҳарбий эксперт. 

"Афсуски, Сурияда РФ ва АҚШнинг ҳарбий тўқнашуви эҳтимоли мавжуд. Аслида, бу жараён ҳам амалда юз бериб бўлган: америкаликлар Россия ҳарбий маслаҳатчилари бўлган Сурия қўшинларини бомбардимон қилди; россияликлар таркибида америкаликлар бўлган кучларни бомбардимон қилди", — деб қўшимча қилган Перенжиев.

Унинг тахмин қилишича, глобал миқёсдаги ҳарбий можаро, шу жумладан РФ ва АҚШ Қуролли кучларининг САРдаги тўқнашувига йўл қўйилмайди. 

"Сурия истиқболи ҳақида сўз юритганда, албатта, вазият анча жиддий. Бироқ, менимча, бевосита ҳарбий тўқнашув юз бермайди. Икки йиллар аввал, худди шундай ҳолатнинг олдини олиш мақсадида АҚШ ва Россия ўртасидаги алоқа усули ишлаб чиқилган, бунда томонлар олий даражада мулоқот ўтказиб, вазиятни ҳал қилишлари лозим бўлади", — дея хулоса қилган сиёсатшунос.