Эрон яқин 1,5 йил ичида ўзи ишлаб чиқарган 3 та сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқмоқчи, деб айтди Эрон коинот агентлиги раҳбари Муҳсин Баҳромий.

Баҳромийнинг айтишича, "Шариф Сат" сунъий йўлдошига эга ракета мамлакатда қабул қилинган тақвим бўйича жорий йил охирида, яъни 2017 йил март ойи охиригача учирилади.

"Нахид-1" ва "Амир Кабир" сунъий йўлдошлари кейинги йил охирида учирилади, деб маълум қилди IRNA ахборот агентлиги.

Баҳромийнинг таъкидлашича, "Нахид-1" ва " Шариф Сат" мос равишда алоқа ва кузатув йўлдошлари ҳисобланади. Яқин келажакда "Садр" йўлдошини қуриш режалаштирилган.

Эрон ҳукумати мамлакатнинг ракета дастурини фаол ривожлантириш ниятини билдирган. Бу режалар ғарб давлатларининг норозилигини келтириб чиқармоқда. Уларнинг фикрича, баллистик ракеталарнинг учирилиши Теҳроннинг ядровий келишув доирасида қабул қилган мажбуриятларига зид келади.

Эрон ҳукумати ўз навбатида келишувларни бузмаётганини таъкидламоқда. Келишувларга кўра, ядровий каллакка эга ракеталарни синовдан ўтказишгина тақиқланган.