Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро Зайнулла Умаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) таниши Роҳила Соатованинг уйида яширин цех ташкил қилиб, Миришкор туманида яшовчи фуқаролар Асрор Бойматов ва Аҳадбекдан қўлбола усулда ишлаб чиқарилган ёғ маҳсулотларини харид қилган. Кейин Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи “Икром” исмли шахсдан турли сиғимли полиэтилен идишлар ва “СОФ”, “Косонёғ”, “Қаршиёғ” деган номлар кўрсатилган этикеткаларни олиб, ёғни елим идишларга қадоқлаб чиққан ва уларни гўё заводда ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатида Қарши шаҳридаги савдо дўконларига етказиб берган.

Тадбир давомида З. Умаровдан қўлбола усулда ишлаб чиқарилган 9 млн. 459 минг сўмлик пахта ёғи, ёғ сотишдан тушган 4 млн. 259 минг сўмлик пул, 746 дона бўш елим идишлар, елим қопқоқлар, 5870 дона “СОФ”, “Косонёғ”, “Қаршиёғ” номли этикеткалар ва бошқа жами 17 млн. сўмликдан ошиқ маҳсулотлар ҳамда унга тегишли, ноқонуний фаолиятда фойдаланилган “Дамас” русумли автомашина ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ўтказилган тадбирда, шунингдек, Қарши шаҳар “Ерқўрғон” деҳқон озиқ-овқат бозорида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор Носир Бегматовга тегишли савдо дўконидан яширин цехларда ишлаб чиқарилган истеъмолга яроқсиз 421 литр пахта ёғи, якка тартибдаги тадбиркор Шокир Одиловга тегишли савдо дўконидан ҳам худди шундай усулда ишлаб чиқарилган 287 литр истеъмолга яроқсиз пахта ёғи топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан қонунбузарларга нисбатан тегишли жазо тайинланган.