Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев республика қуролли кучлари бош штаби раҳбари Раимберди Дуйшенбиев билан учрашуви чоғида ташқи чегараларни мустаҳкамлаш ва мамлакат мудофаасини кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбарининг матбуот хизматига асосланган ҳолда РИА Новости хабар берган.

"Президент ташқи чегараларни мустаҳкамлаш бўйича олдинга қўйилган вазифаларни самарали бажариш учун қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини кучайтириш зарурлигини таъкидлади", — дейилган хабарда.

Атамбаев ва Дуйшенбиев "ҳаракатчан ва замонавий талабларга жавоб берувчи" қуролли кучлар тузилмасини яратиш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Эслатиб ўтамиз, Алмазбек Атамбаев 2 ҳафта давомида Қирғизистонда бўлмади. 19 сентябрь куни у АҚШга учиш чоғида тобини йўқотиб, тиббий кўрикдан ўтиш учун меҳнат таътилига чиққанди. Аввалига Туркияда, сўнг Москвада даволаниб, саломатлиги яхшиланганидан сўнг, 2 октябрь куни Қирғизистонга қайтиб келди.