Россия мудофаа вазирлиги вакили Игорь Конашенков 4 октябрда Сурияда С-300 батареяси борлигини маълум қилди. Бу ҳақда "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

"Ҳақиқатан ҳам Сурияга С-300 зенит-ракета мажмуаси батареяси етказилган", деб айтди Конашенков.

Конашенков бу хабар нима учун Россиянинг хорижлик ҳамкасбларида саросима келтириб чиқаргани тушунарсиз эканлигини айтди. У бунгача ушбу ҳудудда шундай тизимнинг денгиздаги варианти – "Форт" мажмуаси жойлашганини айтган. Бу тизим билан Қора денгиз флотининг "Москва" ракета крейсери жиҳозланган.

Аввалроқ Fox News телеканали Вашингтондаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Россия Сурияга узоқ масофаларга мўлжалланган С-300В4 ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа тизимини етказганини маълум қилган. Бу тизим қанотли ракеталарни уриб туширишга қодир. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, тизим Суриянинг Тартусдаги ҳарбий-денгиз базасига ўтган дам олиш кунлари ташланган. Телеканалнинг таъкидлашича, бу С-300В4 тизими Россиядан ташқарида жойлаштирилган биринчи ҳолатдир.

Манба ИШИД ва "Жибҳат ан-Нусра"да авиация ва қанотли ракеталар йўқлиги ва бу тизим ким учун мўлжалланганлиги борасида савол туғилаётганини айтган. Тизимнинг Сурияда пайдо бўлиши Россиянинг АҚШ ва унинг иттифоқчилари тахминий ҳужумидан ҳимояланишни кучайтиришини англатиши тахмин қилинган. 

С-300В4 ҳаво ва ракеталар ҳужумига қарши мудофаа тизими бўлиб, С-300В тизимлари ўрнига келмоқда. Бу тизимнинг С-300ВМ "Антей-2500" индекси остидаги версияси экспорт қилинади. Тизимнинг таъсир қилиш узоқлиги 400 км га етади, у шунингдек ўрта таъсир масофасига эга тезкор-тактик баллистик ракеталарни уриб тушира олади. 

2015 йил ноябрда Россия Туркия ҲҲК Су-24 самолётини уриб туширгандан кейин Латақиядаги базада С-400 тизимини жойлаштиришини маълум қилганди.