Грузиянинг собиқ президенти, ҳозирда Украинанинг Одесса вилоятида губернатор саналадиган Михаил Саакашвили умид билдирдики, уни Грузиядаги сиёсий рақиблари гулдурос қарсаклар билан қарши олишади. Бу ҳақда у ўзининг фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилган.

«Мени ҳибсга олишлари ҳақида айтаётган кишилар алалоқибат мени чегарада гулдурос қарсаклар билан кутиб олишади... Грузиянинг мунис кишилари, биз сизлар учрашишимизга бир неча кунлар қолган. Яна бир неча кундан кейин Грузиянинг янги келажаги бошланади», — дея Саакашвилининг сўзларини келтирган РИА Новости.

Одесса губернатори Грузияда янги ҳукумат тузилишида фаол равишда ҳаракат қилишини  айтиб ўтган. У янги ҳукуматда ҳозирги амалдорлар бўлмаслигига ваъда қилган.

«Янги ҳукуматда аёлларга кўп ўрин берилади ва бу ҳукумат янада гуманистик бўлади», — дея қўшимча қилган у.

1 октябрь куни Саакашвили ватанга қайтиши ҳақида Нью-Йоркда "Ягона миллий ҳаракат" партияси тарафдорлари билан учрашув вақтида айтиб ўтганди.

У бу ҳодиса 8 октябрь куни ўтказиладиган сайловлардан кейин рўй беришини маълум қилган.

26 сентябрь куни Грузия ички ишлар вазири Георгий Мгебришвили агар Саакашвили Грузияга қайтса, ички ишлар вазирлиги унга нисбатан қонун доирасида ҳаракат қилишини айтган.

Бу эса собиқ президент Грузияда пайдо бўлса ҳибсга олинишини англатади, чунки у президентлиги вақтида содир этган жиноятлари учун қидирувга берилган.

30 сентябрь куни мамлакатнинг собиқ бош вазири Бидзин Иванишвили ҳам уни Грузияда қамоқ кутаётганини билдирган.

Саакашвили Грузияни 2013 йилда янги президент инаугурациясидан кейиноқ тарк этган. Грузия бош прокуратураси унга учта жиноий иш, жумладан 5 млн доллар давлат пулини ўз эҳтиёжларига сарфлаш бўйича айблов эълон қилган.