Суриялик 7 ёшли қизнинг твиттери: "Илтимос, бизни ўлдиришни бас қилинг"

Жамият 04 Октябрь 2016 33115

7 ёшли Бана Алабед бир ҳафта илгари ўзининг твиттерида ушбу суратни чоп этган. Унинг олдида китоб турибди, столда эса - қўғирчоқ. "Ҳалабдан хайрли кун. Мен уруш ҳақида ўйламаслик учун китоб ўқияпман", - дея изоҳ берилган суратга. 

Суриянинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри ҳисобланган Ҳалабда қонли можаролар давом этмоқда. Шаҳарда айирмачилар ва ҳукумат кучлари орасидаги қопқонда қолганлар ҳар куни ҳаёт учун курашишларига тўғри келмоқда.

Бана ўз твитларини инглиз тилида ёзади, бунда унга онаси - инглиз тили ўқитувчиси Фотима ёрдам бермоқда. Қизча айирмачилар назоратидаги Ҳалаб шаҳрининг шарқий қисмидаги ҳаёти ҳақида сўзлайди.

Суратлардан бирида Бана ўз укалари - 5 ёшли Муҳаммад ва 3 ёшли Нур билан тасвирланган. Суратдаги изоҳда шундай ёзилган: "Самолётлар учиб келмасидан, укаларим билан расм чизяпмиз. Биз расм чизишимиз учун тинчлик керак".

Қисқа видеода эса уч боланинг ётоқхонада эканлигини кўриш мумкин. "Биз доимо бирга бўламиз", - дея жилмаяди Бана укаларини қучиб. 

"Кўряпсизларми, қўшни уйга бомба тушди", - дейилади твитлардан бирида, унга вайрон бўлган уйнинг хирароқ сурати илова қилинган. 

Россия ва Сурия ҳарбий кучлари кўп ҳафталардан буён Ҳалабни мунтазам бомбардимон қилмоқда. 

Сўнгги бир неча кунларда Бананинг @alabedbana аккаунтига минглаб фолловерлар қўшилган. Унинг онаси Фотима Банага твитлар ёзишга кўмак бермоқда. 

Фотима ВВС агентлиги билан бўлган суҳбатда унинг қизи "дунё бизнинг овозимизни эшитишини исташини" айтган. "Қизим мендан "Ойи, нима учун бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти?" деб сўрайди", - дейди Фотима.

Унинг баъзи твитлари жуда маъюс. Бироқ бомбардимон пайтида дўстларини йўқотган Бана бундан кўпини кўрган. "У ҳаммасини кўрган, - дейди онаизор. - Бана дўстларининг қандай ўлдирилаётгани-ю, уйларимизни қандай бомбардимон қилаётганликларигача гувоҳ бўлган. У мактабининг бомбардимон қилинишини кўрган. Буларнинг барчаси унга таъсир кўрсатади, албатта". Бироқ нима бўлганда ҳам, Фотима унинг қизи омадли эканини айтади. 

Бана вояга етгач, онаси каби инглиз тили ўқитувчиси бўлишни ният қилган. У ўзи жуда истаса-да, ўтган йилдан бери мактабга бормайди. Ҳар қандай 7 ёшли бола каби Бана ҳам дўстлари билан ўйнагиси келади.

 

Қуёш батареяси Фотиманинг оиласини бироз электр билан таъминлаб туради, бироқ интернет яхши уланмаслиги ва телефон линиясининг эскилиги сабаб суҳбат узилиб қолаверади. 

Фотиманинг сўзларига кўра, бутун шаҳарда озиқ-овқат етишмайди, уларнинг оиласида ҳам захиралар ниҳоясига етиб бормоқда. 

Яқинда 3 ёшли Нур бетоб бўлиб, онаси уни шифохонага олиб борган, аммо у ерда ҳеч қандай дори-дармон қолмаганлиги айтилган. Ҳозирда Нур ўзини яхши ҳис қилмоқда - у онасини қучиш учун вақти-вақти билан суҳбатимизни бўлиб қўйди. 

Бананинг фолловерлари кўпайгани сари баъзилар унинг аккаунти сохта эканлигини таъкидлаб, Фотимани тарғиботда қизидан фойдаланаётганликда айблай бошлашди. 

Айниқса, Бананинг Сурия президенти Башар Асад ва Россия президенти Владимир Путинга алоқадор твитлари жуда кўп танқидга учрамоқда. 

Бананинг инглиз тилини яхши билиши ҳам интернет фойдаланувчиларида шубҳа уйғотмоқда. 

Манбага кўра, Бананинг отаси - ҳуқуқшунос, у аввал шаҳардаги юридик фирмада фаолият юритган, онаси эса Лингвистика институтида 3 йил инглиз тилини ўрганган, шунингдек университетда ҳуқуқдан ҳам сабоқ олган. 

Фотиманинг айтишича, Бана 4 ёшга тўлиши билан онаси унга инглиз тилини ўргата бошлаган. 

Фолловерларнинг ёлғончиликда айблаши Фотиманинг дилига оғир ботади, у бунга жавобан "Барча сўзлар чин кўнгилдан чиқмоқда, бу - ҳақиқат", дейди. 

У хайрия ташкилотининг аъзоси эмас, уни Суриядаги ҳеч бир оммавий ахборот воситаси қўллаб-қувватламайди. Фотима университетда ўқиган пайтларида журналистика ва сиёсатшунослик курсида таълим олган, шу боис у жамоатчилик эътиборини қандай жалб қилишни яхши билади. "Биз террорчи эмасмиз. Биз ИШИД эмасмиз, - дейди Фотима. - Бу ерда айбсиз инсонлар яшайдилар".

Суҳбат якунига етганидан сўнг бир соат ўтгач, Фотима янги видеотасма ҳавола қилди. Унда Фотима тўғрига қараб турибди, Бана эса бармоқлари билан қулоқларини бекитмоқда. Узоқда эса портлаш товушлари эшитилмоқда. 

"Бугун тунда ўлмасам деб қўрқаман. Бомбалар мени тамом қилади", - дейилади Бананинг твитида. 

 

Кўпроқ янгиликлар