Европанинг Бельгия давлатида ойлик ахборот бюллетени Uzbekistan Profile нашрининг махсус сони чоп этилди. У тўлиғича Ўзбекистонда жорий йилнинг декабрь ойида бўлажак президентлик сайловига бағишланган. 

Нашр саҳифаларида Ўзбекистондаги Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш хусусида батафсил ахборот тақдим этилган. 

«Сайловларни ўтказиш бўйича барча тайёргарлик ва ўтказиш жараёни сайлов комиссиялари томонидан Ўзбекистон Конституциясига тўла риоя этилган ҳолда, ошкора ва очиқ ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сайлов округлари ташкил этилган. Сайлов участкалари ва сайлов округлари тўғрисидаги маълумотлар ОАВда эълон қилинади», – дея таъкидланади бюллетенда. 

Ахборотномада ёзилишича, сайловларга тайёргарлик кўриш, бевосита овоз бериш куни ва овозларни санаш чоғида ҳар бир сиёсий партия вакили, ОАВ вакиллари ва халқаро кузатувчилар иштирок этиши таъминланади.

Унда таъкидланишича, халқаро ва хорижий кузатувчиларнинг қатнашуви, сайлов жараёнининг ошкоралик ва очиқлик қоидаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ёзади jahonnews.uz сайти. 

«Сиёсий партиялар ўз номзодини қўллаб-қувватлаш мақсадида иш жойи, таълим маскани, хизматни ўташ жойи, инсонлар тураржойлари ва сайловолди анжуманларида имзо йиғиш ҳуқуқига эга, номзодни илгари суриш учун кифоя қиладиган имзолар сони эса аввалги беш фоиздан бир фоизга туширилган», ­– деб ёзади нашр. 

Ахборотномада МСКнинг тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, давлат тизимида алоҳида ўринга эга бўлган МСКга Конституцион орган мақоми берилиши сайловларнинг демократик, шаффоф ва ошкора ўтишини таъминлаш ҳамда бу жараёнга бошқа давлат органларининг аралашмаслиги гарови экани таъкидланган. 

Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Profile ахборот бюллетени Европарламент депутатлари, ЕИнинг бошқа институтлари вакиллари, Брюсселда рўйхатдан ўтган халқаро ташкилотлар ҳамда Бельгия сиёсий, ишбилармон, эксперт ва жамоатчилик доираларига тарқатилади.