Чеченистон пойтахти Грознийда болалар иштирокида қоидасиз жанглар мусобақаларини ўтказишга йўл қўйиб бўлмайди ва уни оқлаб бўлмайди, деб айтди Россия ММА иттифоқи президенти, собиқ жаҳон чемпиони Федор Емельяненко инстаграмдаги аккаунтида.

4 октябрда Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг 10 ёшли ўғли Аҳмад Грознийда аралаш яккакураш бўйича мусобақада 14 сонияда нокаут билан ғолиб бўлди. Унинг яна икки ўғли – Али ва Адам мос равишда 27 ва 35 кг вазн тоифасидаги кўргазмали жангларда ўз рақибларини ютдилар.

"Кеча болалар иштирокидаги жанглар кўргазмали бўлди, бироқ мухлислар аслида ҳақиқий жангларнинг гувоҳи бўлишди. Бу спорт қоидаларига кўра, 21 ёшгача бўлган спортчилар рингга шлемда, накладкаларда, 12 ёшгача бўлганлари эса яна рашгард ёки футболкада чиқишлари керак", деб айтди Емельяненко.

"Бундан ташқари, 21 ёшдан кичик ёш гуруҳлари учун маълум чекловлар мавжуд. Бироқ жанглар катта ёшдаги  профессионал-яккакурашчилар учун белгиланган қоидаларга кўра ўтказилди, бу эса болаларга тўғри келмайди. 12 ёшгача бўлган болаларга умуман ММА қоидаси бўйича курашиш тақиқланган. Грознийдаги мусобақада юз берган ҳолатга йўл қўйиб бўлмайди, уни оқлаб ҳам бўлмайди", деб таъкидлаб ўтди Емельяненко.

Емельяненко, шунингдек, бу жанглар жонли эфирда кўрсатилганидан жаҳли чиқди. "Менга "Матч!Боец" телеканали нима учун болалар жангини жонли эфирда кўрсатаётгани тушунарсиз бўлди. Мен 12 ёшгача бўлган болалар мухлислар сифатида залга киритмаслигини айтмасам ҳам бўлади, бироқ бу ерда 8 ёшли болакайлар катта ёшли мамнун мухлислар кўз ўнгида бир-бирларини дўппослаганлар. Наҳотки, болалар соғлиғига зиён етказиш эвазига бундай томошаларни ташкиллаштириш шунчалик муҳим бўлса?", деб куюнган спортчи.

"Мени бу барча томошани республика президенти Рамзон Қодиров кузатиб ўтиргани жуда қаттиқ ажаблантирди. Унинг спорт вазирлигидаги маслаҳатчилари унга 12 ёшгача болаларга жанг ўтказишга рухсат йўқлигини айтишмаганми? Биз биринчи ўринда ўсаётган авлодга ўрнак бўлишимиз ва уларнинг саломатлиги ҳақида қайғуришимиз керак. Катталар даражаси билан тенг даражадаги жангларда иштирок этиш болаларнинг саломатлигига тузатиб бўлмас путур етказиши мумкин, бу эса уларга спорт фаолиятларини давом эттиришга нафақат имкон бермайди, балки боланинг жисмоний ҳолати ва руҳиятига зиён етказади", деб ўз сўзларини интиҳолади спортчи.