Ўтган аср 70-йилларида қишки Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган хоккей спорти Марказий Осиёда кенг тарқала бошлади. Ўша даврларда тузилган Тошкентнинг “Бинокор” клуби қанчалик кучли ва машҳур бўлганини катта авлод вакиллари яхши эслашади. Ушбу мақолани ўқиётганлар орасида “Бинокор”нинг ўйинчиларини ўз кўзи билан кўрганлар ҳам бордир балки. Ҳозирда ушбу жамоа фахрийлари янги ёш авлодни вояга етказишмоқда. Қилинган ишлар қисқа вақт мобайнида ўз самарасини беряпти. Ёзда Қозоғистоннинг “Армада” жамоаси ёшлари пойтахтимизга ташриф буюриб, Тошкентдаги тенгқурлари билан ўртоқлик учрашувини ўтказишган эди. Ўша ўйинларда ўзининг техникаси ва ҳаракатлари билан ажралиб турган 7 ёшли Салоҳиддин Азимов ушбу “Армада” мутасаддилари эътиборига тушди ва жамоанинг ўртоқлик учрашувларига таклиф этилди.  

Айни дамда кўпгина клублар қатори “Армада” ҳам янги мавсумга тайёгарлик кўрмоқда. Клуб мавсум олдидан Қизилўрда ёшлар жамоаси билан 2 та ўртоқлик учрашувини ўтказди. Ўзидан катталар билан ўйнашига қарамасдан, тошкентлик ёш клюшка устаси иккала учрашувда жами 8 та гол уриб, шерикларига 3 та голли узатма ҳам берди. Бу эса жамоасининг ғалабасига катта пойдевор бўлди ва Салоҳиддин ҳар икки учрашувда ҳам энг яхши ўйинчи, деб топилди.

Салоҳиддин ҳозирда пойтахтимиздаги 41-мактабда эндигина 1-синфда ўқишни бошлади. Келишувга биноан, хоккейчимиз “Армада” ёшлар (U-12) жамоаси ўйини бўлган пайтлари Қозоғистонга бориб келади. Қолган пайт Тошкентда дарсларидан сўнг машғулот қилишда давом этади.

Хоккей ишқибозлари ўтган аср охири ва янги аср бошларида “Рус ракетаси” номи билан машҳур бўлган Павел Бурени яхши билишса керак. Ҳозирда Россия хоккей федерациясида фаолият олиб бораётган Буре Салоҳиддиннинг ўйинлари туширилган видеони кўргач, ЦСКА мактабига таклиф қилди. Бунинг учун яна 3 йил керак. Ушбу мактабга хоккейчилар 10 ёшдан қабул қилинади. Ишончимиз комилки, яқин йиллар ичида бундай иқтидорли ёшлар юртимизда кўплаб кашф этилади ва ўзбек хоккейчиларини ҳам Олимпия ўйинларида кўрамиз.

Манба: Sports.uz