Ҳиндистон полицияси марказий захира кучлари қўмондонлиги Жаркханд штатида жанговар аёллар батальонини ташкил этишни бошлайди. Бу ерда сўл кайфиятдаги маочилар гуруҳлари фаолият юритади. Бу ҳақда қўмондонлик раҳбари генерал Дурга Прасад маълум қилган.

"Ушбу бўлинма сўл экстремистлар ва Жаркханддаги аксилмиллий кучларга қарши курашади", - дея генерал сўзларини келтиради NDTV телеканали.

Сўнгги ойларда аёллар махсус батальони Ғарбий Бенгалия штатидаги машғулотлар базасида тайёргарликдан ўтган. Генералнинг айтишича, дастлаб, штат пойтахти Ранчи шаҳрига битта рота ташланади ва у зудлик билан ҳарбийлашган полициянинг жангариларга қарши кампаниясида иштирок этади. 

Ҳиндистонда наксолитлар деб аталувчи маочилар ўзларининг маочилик ва марксизм-ленинизм ғояларини тарғиб қилади. Улар 1960 йиллардан мазкур ҳудудларда фаолият юритиб келади. Уларнинг гуруҳлари Ҳиндистоннинг 14 штатида мавжуд, бироқ асосан Жаркханд, Чхаттисгарх, Ғарбий Бенгалия кенг тарқалган.