Мьянмада 60 йилдан ортиқ вақтдан буён амалда бўлган фавқулодда ҳолат тартиби президент Тхин Чжо қарорига кўра бекор қилинди. Мазкур тартиб аввалги ҳукуматлар томонидан сиёсй таъқибларни хаспўшлаш учун жорий этилганди, дея хабар қилган ҳукуматнинг The Global new light of Myanmar расмий газетаси.

Ўша вақтларда Бирма номи билан аталган Мьянмада фавқулодда ҳолат тартиби 1950 йили, Британиядан мустақилликни қўлга киритгач жорий қилинган эди. Ҳужжат, давлат хоинлиги ва ёки қўпорувчилик учун ўлим жазосини назарда тутарди. 

"Жамоат тартибини бузиш ва ёлғон маълумот тарқатганлик учун узоқ муддатли қамоқ жазолари тайинланганди", - деб ёзган The Global new light of Myanmar.

Кузатувчиларнинг қайд этишларича, Бирма ҳарбий бошқаруви ўз вақтида ушбу тартибдан сиёсий рақибларни таъқиб қилишда фойдаланган. 

Эслатиб ўтамиз, Мьянма 1962 йилдан ҳарбийлар бошқарувида бўлган. 2010 йилдан ижро ва қонунчилик ҳокимияти Аун Сан Су Чжи етакчилигидаги Миллий лига бошқарувига ўтган эди.