Криштиану Роналду ва бошқа кўплаб спортчиларнинг мусобақалар учун тез суръатларда тикланиши учун қабул қиладиган муз ванналари фойдасиздир. Олимларнинг фикрича, бу каби ванналар аслида тананинг зарарланган қисми ва мушакларни тиклашга умуман ёрдам бермайди. Уларнинг хулосалари битилган мақола Journal of Physiology нашрида чоп этилган.

"Аниқланишича, совуқ сувга тушиш машғулотлар ва мусобақалардан кейинги тикланиш учун энг самарали усул эмас. Спортчилар зарарланган мушакларни тиклаш учун қўллайдиган стратегияларини қайта кўриб чиқишлари зарур. Яна бир жиҳат, сувнинг бошқа ҳарорати ва ваннада туриш вақтини ўзгартириш зарарланган мушаклар тикланишига нақадар ёрдам беришини ҳам батафсил аниқлаб олиш керак", — деган Австралиянинг Брисбан шаҳридаги Квинсленд Технология университети илмий ходими Жонатан Пик.  

Сўнгги вақтларда қатор спортчилар хусусан, Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду ўйинлардан кейин муздек сувда бир неча ўн дақиқа чўмилиш, тезроқ тикланишига ёрдам беришини таъкидлаб келади. Пик ва унинг ҳамкасблари эса, айни шу муолажа нақадар тўғри эканини текшириб кўришган. Бунинг учун 19-24 ёшдаги, доимий спорт билан шуғулланувчи ва фаол турмуш тарзини олиб борувчи 9 нафар кўнгиллини жалб этишган. Уларга ўзларини спорт юлдузи сифатида ҳис қилиш таклиф этилган. 

Улар, ўзларининг одатдаги жисмоний машқларини бажаришгач, ҳарорати 10 даражани ташкил этган сувга тушишган. Биринчи кунда унинг вақти 10 дақиқани ташкил этган. Бир ҳафтадан сўнг, олимлар тикланишнинг одатдаги усули, яъни ўрнатилган велосипед педалларини бир неча ўн дақиқага айлантиришни таклиф этишган. 

Ҳар бир "тикланиш жараёнидан" сўнг, биологлар мушаклар зарарланганини англатувчи сут кислотаси ва бошқа моддалар даражасини текшириб боришган. 

Тажрибанинг кўрсатишича, совуқ сувга тушиш ва шунинг натижаси ўлароқ мушаклар ҳароратининг пасайиши ҳамда қон айланишининг секинлашуви спортчиларнинг тезроқ тикланишига одатдаги тикланиш машқларидан кўра яхшироқ ижобий самара бермаган. Шу боисдан ҳам, олимлар спортчиларга тикланишнинг янги усулини топишга ёки ўзларининг "музли" усули бошқаларидан шунчаки кўриниши билан фарқланишини айтишни тавсия этишмоқда.