Покистоннинг Lead Pakistan газетаси Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун сайловларга бағишланган мақолани чоп этган. Унинг муаллифи, Ўзбекистонда 2014 йилги парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган, Defense Journal журнали геосиёсат масалалари бўйича бўлими мудири Маҳмуд Ул Ҳассан Хондир. 

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистонда демократик қадриятлар ўзининг асл қиёфасида намоён бўлган, дея хабар қилмоқда jahonnews.uz сайти.

«Мамлакатда фуқароларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади, олиб борилаётган ислоҳотлар эса, ижтимоий йўналтирилган бўлиб, одамлар фаровонлигини оширишга қаратилган», -деб ёзади муаллиф. 

Газетада ёзилишича, айни вақтда Ўзбекистонда президентлик сайлови учун фаол тайёргарлик жараёни кетмоқда. Таъкидланишича, МСК сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш амалиётини шаффофлик ва ошкоралик қоидаларига мувофиқ ўтказади. 

«Ўзбекистонда ҳам бошқа демократик давлатларда бўлгани каби халқ давлат бошқаруви органларидаги вакилларини бевосита овоз бериш йўли билан сайлайди, - деб ёзади муаллиф. – Сиёсий партияларга эса, сайловларда иштирок этишлари ва сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиши учун тенг ва бир хил имкониятлар тақдим этилади».

Покистон газетаси ўқувчилари эътиборини Ўзбекистондаги ҳар бир сиёсий партия овоз бериш участкасида ўз кузатувчисини қўйиш ҳуқуқига эга эканлигига қаратган. 

Lead Pakistan нашрининг хулоса қилишича, Ўзбекистонда сайловлар жараёнини кузатиш мақсадида келувчи халқаро кузатувчилар ва ноҳукумат ташкилотлар вакиллари учун барча шароитлар яратилган. Уларнинг президентлик сайловлари мониторингида фаол қатнашуви, деб ёзади муаллиф, Ўзбекистондаги сайлов жараёнининг адолатли, эркин ва шаффоф ўтишини мустаҳкамлайди.