«Реал»нинг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду ўз ўғлининг «Посуэло-де-Аларкон» жамоаси сафидаги илк учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Goal.com хабар берди.

8 ёшгача бўлган болалардан таркиб топган «Посуэло-де-Аларкон» ва «Карраскал» жамоалари учрашуви Испания болалар чемпионатининг тўртинчи дивизиони доирасида бўлиб ўтди. Бу Криштиану Роналдунинг ўғли учун дебют эди. У илк учрашувида гол уриб, ғалабага ҳиссасини қўшди. У ўз голини отаси услубида нишонлаган.

Роналду ўйинни дарвоза ортида кузатган. Воқеа жойида олинган видеода 31 ёшли футболчи бир неча марта майдон ташқарисида югуриб, узоққа кетиб қолган тўпни олиб келиб бераётганини кўриш мумкин.

Маълумот учун, Криштиану Роналду 2010 йилнинг 17 июнь куни ота бўлган эди. Матбуотда кичик Криштиану суррогат онадан туғилгани айтилган эди.