2016 йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар бермоқда.

Давра суҳбатида Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчилари, ҳуқуқшунос олимлар, сайлов ҳуқуқи бўйича экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига жамиятни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш янада чуқурлашган, ижтимоий фаоллик ўсган, фуқароларнинг масъулияти ҳамда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларга, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларига талабчанлиги ошган бир шароитда тайёргарлик кўрилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистонда сайлов умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ихтиёрийлик асосида очиқ ва ошкора ўтказилиши алоҳида қайд этилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга 2015 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан, сайловолди ташвиқоти нафақат сайлов куни, балки овоз бериш бошланишидан бир кун олдин ҳам олиб борилмайди.

Бугунга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан 500дан ортиқ хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари аккредитациядан ўтганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Ўзаро мулоқот ва фикр алмашиш шаклида ўтказилган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.