Самарқанд шаҳрида трамвай ҳаракатлана бошлайди. Бундай таклиф Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрига ташрифи вақтида билдирилган.

«Бу ғоя шаҳар аҳолисини қувонтирди. Трамвай экологик тоза, иқтисодий камхарж ва оммабоп транспорт», дейилган «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида. 

«Газета.uz» нашри хабарида айтилишича, трамвай линияси Сиёб бозоридан Сартепа массивигача ўтказилади.

Шавкат Мирзиёев «аҳолининг қизиқишларини ўрганиб чиққан ҳолда» яқин вақтлар ичида йўналишлар лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берган.

Наврўз байрамигача йўл фойдаланишга топширилиши айтилган.

Маълумот учун, Самарқандда 1947—1973 йилларда трамвай ҳаракати бўлган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 2 майида Тошкент трамвайининг 115 йиллик тарихига нуқта қўйилганди. Шу куни Тошкентда ҳаракатланаётган сўнгги трамвай йўналиши — «Бешқайрағоч» даҳаси ва Ипподром ўртасида қатновчи 17-йўналиш ёпилганди.

Мазкур қарор автомобиль транспорти сонининг мунтазам ортиб бораётгани, кўча тармоқларининг етарли даражада ривожланмагани ва трамвай йўналишларининг самарасиз фаолияти сабаб қабул қилинган.