4 октябрь куни кечқурун Тбилиси шаҳри марказидаги "Пиримзе" савдо маркази олдида парламент депутати, "Миллий бирлик ҳаракати" партияси вакили Гиви Таргамадзега тегишли автомобил портлаб кетди.

Автомобил ичида бўлган Таргамадзе омон қолган. Салоннинг орт қисмида портлаш рўй бергани оқибатида унинг ортида турган маршруткаларга шикаст етган, 3 киши енгил даражада жароҳатланган.

Таргамадзе "Рустави 2" эфиирида айтишича, портлаш масофадан бошқарилувчи қурилма орқали амалга оширилган. У мамлакат ички ишлар вазирлиги вазиятни ойдинлаштиришига умид билдирган.

Кейинчалик, Грузия ИИВ маълум қилдики, ушбу ҳодиса бўйича "инсон ҳаётига суиқасд" уюштириш моддаси бўйича жиноий иш очилди.

Таргамадзе Саакашвили президентлиги даврида ҳукуматда бўлган, айни вақтда мухолифатда ҳисобланувчи "Миллий бирлик ҳаракати" партияси етакчиларидан бири ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, бу воқеа Грузияда 8 октябрь куни ўтказиладиган парламент сайловлари арафасида рўй берди. Сайловда ҳукуматдаги "Грузия орзуси" ҳамда мухолифатдаги "Миллий бирлик ҳаракати" партиялари ўртасида кураш кечади.