АҚШ президентлиги учун Республикачилар партиясидан номзод бўлмиш Дональд Трамп Россия томони Сурия масаласида Америка билан келишувни бузиб, америкалик етакчиларга ҳурматсиз муносабатда бўлганини айтиб ўтди.

"Бу келишувни Россия бузди. Улар ўт очишмоқда, бомбалашмоқда ва бошқа шу каби турфа ишларни", деган у Аризонадаги сайловолди чиқиши вақтида.

"Буни якунлаш керак. Тезроқ бир ёқли қилиш керак", дея таъкидлаган номзод.

Вашингтон 4 октябрь куни Москва билан Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш борасида олиб борилган музокаралар тўхтатилгани ҳақида маълум қилди. Бунга Россия томони сентябрь ойидаги келишувга амал қилмагани сабаб сифатида келтирилди. Шу тариқа, юз минглаб кишиларнинг ёстиғини қуритган ва 11 миллиондан ортиқ кишининг ҳаётига ҳалокатли таъсир кўрсатган фуқаролик урушига барҳам бериш борасидаги умидлар чиппакка чиқди.

АҚШ ва Ғарбнинг бошқа мамлакатлари Москва ва Дамашқни ҳарбий жиноятларда, жумладан онгли равишда тинч аҳоли вакилларини, шифохоналарни, гуманитар ёрдам карвонларини бомбалашда айбламоқда.

Россия ва Сурия томони эса фақат жангариларга қарши амалиётлар ўтказилаётганини таъкидламоқда.

Трампнинг 8 ноябрь кунги сайловдаги асосий рақиби, демократлар партияси вакили Ҳиллари Клинтон Трампни Россияга мойилликда айблаб келмоқда эди.

Трамп АҚШнинг ҳозирги президенти Барак Обама ва Россия раҳбари Владимир Путинни таққослаб, руслар президентини қатъийроқ дея атаганди. 

Трамп бу танқидга жавобан Путин билан ҳеч қачон учрашмаслигини айтди. У россияликлар етакчиси на Обамани, на Клинтонни ҳурмат қилганини айтди.