Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида махсус Бизнес омбудсмен лавозими пайдо бўлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида, Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили институтини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилган.

Фармонда, янги Вакил қуйидаги асосий ваколатларга эга бўлиши лозимлиги алоҳида уқдирилган. Унга мувофиқ, Олий Мажлиснинг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлайди. 

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиб, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолайди. 

Бундан ташқари, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини назорат қилади.