АҚШда мамлакатнинг Hawaiian Airlines авиакомпанияси парвозлардан аввал йўловчиларнинг вазнини ўлчаш амалиётини қўллаётганидан норозилик билдирилди. Radio New Zealand радиосининг хабар қилишича, ушбу авиакомпанияда парвоз қилган тадбиркор Авамуа Дэвид Ҳэлек АҚШ транспорт вазирлигига мурожаат қилиб, авиаташувчининг ҳаракатлари нақадар қонунга зид эмаслигини текшириб кўришни сўраган. Ҳозирча, маъмуриятнинг жавоби маълум эмас. 

Hawaiian Airlines, хусусан, Паго-Паго (Америка Самоаси маркази) ва Ҳавайи оролларидаги Ҳонолулу шаҳри ўртасидаги парвозларда шундай амалиётни қўллаб келади. Компания вакилларининг изоҳ беришларича, бу сайёҳларнинг умумий вазнини самолёт салонида бир хил тақсимлаш учун хавфсизлик мақсадида амалга оширилади. 

Аммо, Ҳэлек буни салбий қарши олган. «Албатта, Hawaiian Airlines бу хавфсизлик масаласи эканини айтмоқда. Аммо, нима биз шу пайтгача таҳдид остида учган эканмиз-да?» — деган Ҳэлек. 

Hawaiian Airlines 2003 йилдан бери Америка Самоасидан парвозларни йўлга қўйган. Таъкидлаш керакки, семизлик ушбу минтақа аҳолиси учун жиддий муаммо ҳисобланади. 

2015 йил августида «Ўзбекистон Ҳаво Йўллари» авиакомпанияси ҳам йўловчиларини самолёт бортига чиқишидан аввал вазнини ўлчай бошлаган эди. Бу амалиёт йўловчининг қўл юки билан ўртача вазнини аниқлаш мақсадида йўлга қўйилгани айтилганди.