Демократик ҳуқуқий давлатнинг шаклланиш шароитида сайлов институти халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг реал механизмидир

Ўзбекистон 06 Октябрь 2016 3975

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96, 117-моддалари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган мазкур сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастури изчил амалга оширилаяпти. 

Ҳуқуқий демократик давлат ҳамда очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш халқ ҳокимиятчилиги конституциявий тамойилларини рўёбга чиқариш, демократик сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш учун зарур шароит яратиш билан узвий боғлиқдир. 
Демократик ҳуқуқий давлатнинг шаклланиш шароитида сайлов институти халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг реал механизми ҳисобланади. Бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларида ҳам ўз ифодасини топган. Чунончи, мазкур муҳим халқаро ҳужжатнинг 21-моддасида халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши, бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Бундай норма 1966 йилги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам акс этган. 

Сайловлар замонавий демократиянинг муҳим институти, халқ ўз хоҳиш-иродасини билдириши ҳамда сиёсий жараёнларда, жамият ва давлат ишларини бошқаришда, шу жумладан, ҳокимиятнинг вакиллик органларини шакллантиришда иштирок этишининг асосий воситаларидан бири ҳисобланади. Эркин сайловлар нафақат ҳокимиятни шакллантириш тамойили, айни пайтда унинг халқ олдидаги жавобгарлиги ифодаси ҳамдир.

Шу билан бирга, сайлов натижалари сиёсий партияларнинг таъсир даражасини холис баҳолаш имконини беради, сайловчилар кайфиятини, мамлакат сиёсий ҳаётида кечаётган тенденцияларни кўрсатади. Эркин ва ҳалол сайловларнинг мунтазам ўтказилиши мамлакатдаги сиёсий тизим демократияга монанд эканлигининг ёрқин кўрсаткичларидан саналади. 

Давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи кўп жиҳатдан ушбу мамлакатда амал қиладиган сайлов тизимининг демократик тамойилларга мувофиқлиги билан боғлиқдир. Шу маънода, Ўзбекистонда сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг изчил такомиллаштирилишини демократик ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида кўриш мумкин.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида фуқароларнинг сайлаш ҳамда сайланишга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида сайловга юксак демократик даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилди. Жорий йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда, жамиятни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш янада чуқурлашган, ижтимоий фаоллик ўсган, фуқароларнинг масъулияти ҳамда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларга, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларига талабчанлиги ошган бир шароитда бўлиб ўтади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон сайлов қонунчилиги халқаро сайлов стандартларига тўлиқ жавоб беради ҳамда улар билан уйғун ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиздаги демократик сайлов қонунчилиги тизимининг асоси саналади. Асосий Қонунимизнинг 7-моддасига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Сайлов жараёнининг демократик принциплари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган.
Уларда демократик сайловларни амалга оширишнинг асосий стандартлари – умумийлиги, тенглиги ҳамда тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли, сайловда қатнашишнинг ихтиёрийлиги, уни ўтказишнинг очиқ ва ошкоралиги ўз ифодасини топган.

Демократик ҳуқуқий давлатнинг шаклланиш шароитида сайлов институти халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг реал механизми Республикамизда яширин овоз бериш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиб, сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини ҳар қандай давлат органи, мансабдор шахслар, шунингдек, жамоат бирлашмалари томонидан назорат этишга йўл қўйилмайди. Қонунчиликда овоз бериш, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш ҳамда сайловчи турган жойда овоз беришнинг яширинлигини таъминлаш сайлов комиссияларининг асосий мажбуриятларидан бири сифатида белгилаб қўйилган. 
Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилади, яширин овоз бериш учун кабиналар ёки хоналар жиҳозланади. Уларда фуқаро сайлов бюллетенига белгини мустақил қўяди. Яширин овоз бериш вақтида кабинада овоз берувчидан бошқа бирор-бир кишининг ҳозир бўлиши, сайловчига таъсир кўрсатиши тақиқланади.

Фуқароларнинг сайлов вақтида ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодаланишини таъминлашнинг яна бир омили – сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслигидир.
“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, сайловчилар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни ёқлаб ёки уларга қарши ташвиқот юритиш ҳуқуқига эгадирлар. Давлат ҳокимияти органлари сайловолди учрашувлари ўтказиш учун сайловчиларга жиҳозланган бинолар, зарур маълумот ҳамда ахборот материаллари бериб туришлари шарт. Йиғилишлар ва учрашувлар ўтказиладиган вақт ҳамда жой ҳақида сайловчиларга барвақт хабар қилинади.

Сайловларнинг ошкоралиги тамойили сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситаларида ёритишни кўзда тутади. Бутун сайлов кампанияси том маънодаги ошкоралик асосида ўтказилади. Ошкоралик сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, жумладан, овозларни санаб чиқиш, овоз бериш натижаларини аниқлаш ҳамда сайлов натижаларини белгилаш тадбирлари очиқ ўтказилишидан далолатдир.

Ҳар бир фуқаро сайлов жараёнида сайлов округи ва участкалари тузилиши, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ҳамда иш вақти, Президентликка номзодлар, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақида ахборот излаш, олиш ҳамда тарқатиш ҳуқуқига эга. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида белгиланишича, сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг, шунингдек, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхатлари билан таништирадилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ҳамда сайлов якунларидан хабардор қиладилар. Бундан ташқари, сайлов округлари ва участкалари, сайлов комиссиялари таркиби, номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ҳамда сайлов якунлари ҳақидаги ахборот матбуотда эълон қилиниши қонун билан мустаҳкамланган.

Сайлов кампаниясининг ошкоралигини оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда яна бир институт – маҳаллий ва хорижлик кузатувчилар таъминлайди. Қонунга кўра, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларда, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Президентликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи соҳасидаги халқаро стандартлардан яна бири адолатли сайлов тамойилидир. Бу сайловларнинг даврийлигини қонун билан белгилаб қўйиш, сайловолди кампаниясини олиб боришда номзодларга тенг имкониятлар тақдим қилиш, сайловларнинг очиқ ва ошкоралиги, сайлов жараёнининг барча босқичида кузатувчилар иштирок эта олиши ҳамда мустақил суд демакдир.

Мустақил суд тизими сайлов жараёнини нохолислик, фирибгарлик ҳамда сохталаштиришдан самарали ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сайлов ҳуқуқлари бузилиши ва сайлов жараёни субъектларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятларини кафолатлайди. Шундай қилиб, миллий сайлов қонунчилиги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг эркин танлов ҳуқуқини тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Маълумки, демократик сиёсий тизимнинг самарадорлиги фуқаролик жамияти, яъни фуқаро ҳамда давлат ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган кўппартиявийлик институти етуклигига боғлиқ. Эътиборлиси, мамлакатимизда бўлажак сайловга кўппартиявийликни фуқаролик жамиятининг сиёсий стандарти сифатида белгилаб берган ва демократик тамойилларга асосланган сайлов қонунчилигига тўла мос ҳолда тайёргарлик кўрилмоқда ҳамда Президент сайлови бўйича сайлов кампаниясида рўйхатдан ўтган барча сиёсий партиялар иштирок этаяпти. 

Шуниси аёнки, жорий йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаётига дахлдор бўлиб, бу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга ҳеч ким бефарқ қарай олмайди. Бинобарин, фуқаролар сайловда иштирок этиш ва ўз хоҳиш-иродасини билдириш орқали Ўзбекистоннинг ҳуқуқий демократик давлатни янада мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидан изчил боришини таъминлашга ўз улушини қўшадилар.

Мирзатилла ТИЛЛАБОЕВ,
юридик фанлар номзоди.

Кўпроқ янгиликлар