ФИФА Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги Baur au Lac меҳмонхонасига юқори мартабали меҳмонларини жойлаштиришни тўхтатади.

Эндиликда, ФИФА амалдорлари бошқа бир 5 юлдузли меҳмонхона, Baur au Lac ёнидаги Park Hyatt меҳмонхонасида яшашади. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берган.

Ташкилот буни иқтисод қилиш билан изоҳлаган.

Аммо нашрда қайд этилишича, бу қарор ушбу меҳмонхона билан боғлиқ «нохуш хотиралар» туфайли қабул қилинган.

Ўтган йилнинг майида ФИФАнинг 9 нафар амалдори айнан шу меҳмонхонада коррупцияда айбланиб, ҳибсга олинганди.

Бу иш кейинчалик ФИФА тизимини ўзгартириб юборган футбол тарихидаги муҳим ҳодисага айланди.

Айни вақтда 42 нафар амалдор коррупцияга алоқадор ҳисобланади. Суд жараёни 2017 йилнинг охирида бўлиб ўтиши мумкин.