Шу кунларда депутатлар муҳокамасига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Унга кўра, Жиноят кодексининг 168-моддасига қўшимча ўзгартиришлар киритилмоқда. Маълумки, сўнгги йилларда фирибгарликни ўзига касб қилиб, ўзгаларни алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан муайян мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритаётган шахслар устидан тегишли органларга мурожаатлар кўпайган.

"Таҳлиллар шуни кўрсатдики, айбдор шахсларга нисбатан тегишли жазо чораларининг қўлланиши, жиноятларнинг олдини олиш бўйича тизимли равишда профилактик тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан, фуқароларнинг шахсий мулкини эгаллаш билан боғлиқ айрим тоифадаги жиноятларнинг ўсиб бориши кузатилмоқда. Жазонинг содир қилинган жиноятга мутаносиблигини таъминлаш, бундай қилмишларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида кодекснинг 168-моддасига тегишли тартибда ўзгартишлар киритилмоқда", – дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Даврон Арипов.

Хусусан, фирибгарликнинг барча турлари ва ҳолатларида қўлланилиб келган жазо муддатлари, жарималар миқдори узайтирилмоқда. Агар ушбу ҳолат жуда кўп миқдорда ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг 400-600 баравари миқдоридаги жаримадан 8-10 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача белгилаш таклиф этилмоқда (амалда – 5-10 йилгача). Бундай ўзгаришлар мазкур модданинг барча шаклларига тегишли. 

Қонун лойиҳаси юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек жиноячиликка қарши кураш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган.

Манба: parliament.gov.uz